Ishonch telefoni (+998 71) 237-99-98Dush. – Jum. 9-00 dan 18-00 gacha

Vokzal ma‘lumotxonasi 1005Kecha-kunduz

Tarif kalkulyatori

21:00:23 (GMT +5), dushanba, 25 oktabr 2021

Пресс-тур: Йирик лойиҳа ва улкан қурилиш масъуллари билан бевосита мулоқот

Куни кеча, оммавий ахборот вакиллари пресс-тур доирасида Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа метро йўналишининг 2-босқичи, яъни Қўйлиқ деҳқон бозори томонидан Сергели метро линиясининг сунгги бекатигача бўлган йўналишда амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳамда “Чилонзор” электродепосига ташриф буюрдилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метрополитени линиясининг 2-босқичини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Пресс-тур давомида журналистлар томонидан берилган саволларга “Тошкент метрополитени” УК бошлиғи – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси ўринбосари в.б. Ойбек Худойкулов батафсил маълумот бериб, ҳар бир объект билан шахсан ўзлари таништириб ўтдилар. Таъкидлаш жоиз, пойтахтимиздаги метро ишини таъминлаш учун бугунги кунда 4000дан зиёд ишчи-хизматчилар ер ости ва устида туну-кун хизмат қилмоқда.

– Айтиб ўтиш керакки, мамлакатимиз раҳбарияти пойтахт метрополитенини кенг қамровли модернизация қилиш ишларини олиб бормоқда, – дейди О.Худойқулов. – Тошкент шаҳрининг аҳолиси зич жойлашкан чекка туманларининг аҳолиси учун янги йўллар ва янги бекатлар ишга туширилмоқда. 
Ҳозирги кунда янги бекатларнинг ишга туширилиши муносабати билан йўловчиларни ташиш кунига 300-320 минг йўловчини ташкил этади. Бир йил олдин эса , ушбу кўрсаткич 150 минг йўловчини ташкил этган бўлиб, ҳозиргига қараганда 2 баробар кам эди. Истиқболдаги режалардан эса  – метрополитен йўналишларини янада ривожлантириш мақсадида метрополитен “Чилонзор” йўналишини “Буюк ипак йўли” бекатидан ТТЗ мавзесигача узайтириш, “Ўзбекистон” йўналишини “Беруний” бекатидан Қорақамиш мавзесигача бўлган йўналишларини лойиҳалаш ва қурилиш ишлари режалаштирилган.

Бўлиб ўтган пресс-тур дастлаб “Дўстлик-2” метро бекатидан бошланган бўлиб, янги ва замонавий харакат таркибида “7-бекат” (Қўйлиқ деҳқон бозори)гача саёҳат этилди. Йўл давомида мазкур йўналишнинг қурилиши, станциялар ва уларда йўловчилар учун яратилган шароитлар, янги поездларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда яқин келажакда янги ҳаракат таркиблари харид қилиниши тўғрисида ҳам гапириб ўтилди. 

Пресс-турнинг навбатдаги манзили бугунги кунда ер усти ҳалқа метро йўналишининг 2-босқичида, яъни Қўйлиқ деҳқон бозори томонидан Сергели метро линиясининг сунгги бекатигача бўлган йўналишда қурилаётган “9-бекат” бўлди. Айни пайтда ушбу участкада қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. У ерда ҳизмат қўрсатаётган ва амалга оширилаётган қурилиш ишларига бевосита иштирок этаётган “Кўприкқурилиш” трести УК қурувчилари билан суҳбатлашилди, интервьюлар олинди. Қурилиш ишларининг хажмлари, жойлардаги қурувчиларнинг жадал ишлашлари, меҳнатнинг машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканлигига гувоҳ бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, темирйўлчилар томонидан 2020 йилда ер ости Юнусобод линиясининг узунлиги 2,9 километр бўлган “Туркистон” ва “Юнусобод” метро бекатлари ҳамда ер усти ҳалқа метро линиясининг 1-босқичида – 11,5 километрлик “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” участкаси бунёд этилиб, жами 7 та бекат фойдаланишга топширилган. Айни пайтда ушбу йўналишдан кун давомида 15 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланмоқда. Шунингдек, 2020 йил охирида эса 5 та бекатдан иборат Сергели линияси ҳам қуриб битказилди ва бугунги кунда ушбу йўналишдан ҳар куни 20-25 минг йўловчи ўз манзилларига етиб боришлари учун катта қулайлик ва имконият яратилди. 2020 йилнинг декабрь ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан ер усти ҳалқа метро линиясининг 2-босқичида 15 километрлик “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” участкасида қурилиш ишлари бошланган эди. Ушбу йўналишда Тошкент шаҳрининг Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Катта ҳалқа йўли, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ҳамда Янги ҳаёт туманига етказилади. 15 километрлик умумий узунликка эга ушбу участкада жами 9 та бекат қуриш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа қурилиш ишларига 150 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳамда 3 минг 500 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган.

Журналистларни қизиқтирган саволларидан бири, олиб борилаётган қурилишларнинг сифати ҳақида бўлди. Бу борада, бугунги кунда анча тажриба орттирган қурувчилар ер  усти  ҳалқа  метросининг қурилиш  жараёнида  бажарилаётган ишлар сифати бўйича гапиришаркан, барча қурилиш ишлари муайян меёр ва талаблар асосида, махсус қурилиш ускуналари ёрдамида, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилаётганига алоҳида урғу бериб қтишди. Барча жараёнлар тегишли мутахассислар ва давлат органлари томонидан назорат қилинмоқда. Шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ барча қурилиш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел равишда амалга оширилаётгани, шартли экспертиза ўтказилаётганини ҳам қайд этдилар. Жумладан, Давлат архитектура ва қурилиши назорати инспекцияси ҳамда “Ўздавтемирйўлназорат” инспекцияси мутахассислари томонидан мунтазам назорат олиб борилаётгани ҳам таъкидлаб ўтдилар.

Оммавий ахборот вакиллари олиб борилган навбатдаги манзил – “Чилонзор” электродепоси бўлди. Бу ерда журналистлар, Чилонзор йўналишида ҳаракатланаётган поездлар хар олти соатда ушбу масканга техник кўрикдан ўтишлари учун келишлари, қанақа таъмир ишлар олиб борилаётгани, деподаги ишчи-хизматчиларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.

Ахборот-таҳлилий медиа маркази

“O‘zbekiston temir yo‘llari” AJ rasmiy saytining materiallaridan foydalanish, shu jumladan republikasiya qilish, faqat belgilangan shartlarni bajargan holatdagina foydalanish mumkin.

BELGILANGAN SHARTLARNI BAJARILMASLIK O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI QONUNCHILIGINING BUZILISHI HISOBLANADI

  • nashr uchun ko‘rinish